Бугун: 23 Окт 2017 йил

Ишонч телефонлари:
(+998 71) 234-11-03
(+998 71) 235-80-61
Бош саҳифа > Янгиликлар > “Электрон ҳукумат”: тараққиёт истиқболлари


Пойтахтимизда “ICTWEEK Uzbekistan – 2016” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонуни ижросига бағишланган семинар бўлиб ўтди. 

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан ташкил этилди. 

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идораларнинг ахборот-коммуникация технологиялари бўлинмалари раҳбар ва мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва ошкоралигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни ривожлантиришнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди, мазкур соҳадаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари С.Отамуродов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев ва бошқалар “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонун мамлакатимизнинг социал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий тараққиётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Қонунда жамият ва давлат қурилиши соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш жараёнлари комплекс ва тизимли равишда тартибга солинган. Бу жамиятни демократлаштиришни янада жадаллаштириш, фуқароларни қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб этиш, ахборотдан ҳамда замонавий давлат электрон хизматларидан фойдаланиш тизимларини ривожлантириш учун зарур ташкилий-техник шароитлар яратишга хизмат қилади. 

Семинар иштирокчилари “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантиришнинг қонуний асослари, миллий ахборот-коммуникация тизимини такомиллаштириш, электрон тижорат, солиқ соҳасига электрон давлат хизматларини жорий қилишнинг истиқболлари, давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ошкораликни таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашди. 

БМТнинг яқинда нашр этилган жаҳонда ахборот соҳасининг ривожланишига оид шарҳи семинар иштирокчиларининг алоҳида эътиборини тортди. Унда баён қилинган Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 193 мамлакат орасида 80-ўринни эгаллаган. Шунингдек, БМТ томонидан тузилган фуқароларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда қарорлар қабул қилиш ҳамда давлатни демократик бошқариш жараёнларидаги иштироки даражасини намоён этувчи "Электрон иштирок" рейтингида мамлакатимиз янада юқори – 47-ўринни эгаллади. 

 

 

Роман Бондарчук, ЎзА

Манбааuza.uz

1966