Бугун: 28 Июн 2017 йил

Ишонч телефонлари:
(+998 71) 234-93-60
(+998 71) 234-91-46
Бош саҳифа > Янгиликлар > Янги меҳмонхона сайёҳлар хизматида


Бухорода замонавий “Grand Еmir Residence” меҳмонхонаси иш бошлади. 

Мамлакатимизда туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш, меҳмонхона ва сервис хизмати кўрсатиш сифатини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш ва туризм соҳаси субъектлари учун янада қулай имкониятлар яратишда муҳим аҳамият касб этади. 

“Аuthentic travel” сайёҳлик корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилган икки қаватли ушбу меҳмонхона 16 хонадан иборат бўлиб, оилавий мижозлар учун қулай. 

Меҳмонхонанинг ўзига хослиги шундаки, хоналар рақамланмаган бўлиб, қадимий ва йирик шаҳарларимиз ҳамда миллий маданиятимиз тарихида муҳим ўрин тутган улуғ мутафаккирлар, халқ қаҳрамонлари номи билан аталади. Эшик ва ичкари деворлари тегишли шаҳарга хос бўлган миллий ёғоч ва ганч ўймакорлик безаклари, мумтоз асарлар қаҳрамонлари сиймоси билан нақшланган. Бу хорижлик сайёҳларда миллий меъморчилик анъаналари ва санъатига катта қизиқиш уйғотиши билан аҳамиятлидир. Меҳмонхонада кичик анжуманлар зали ҳам мавжуд. 

– Туризм оператори сифатида хорижлик сайёҳларни Бухорога таклиф этиш, кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, сайёҳлик йўналишлари бўйлаб сафар уюштириш билан шуғулланамиз, – дейди “Аuthentic travel” сайёҳлик корхонаси раҳбари С.Бобокалонов. – Эндиликда сайёҳларга меҳмонхона хизмати ҳам кўрсатмоқдамиз. 

Вилоятда туризмни ривожлантириш ҳудудий дастури асосида сайёҳлик инфратузилмаси мустаҳкамланмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда тўртта янги меҳмонхона қурилиб, уларнинг сони 106 тага етди. Бу 300 га яқин янги иш ўрни яратиш имконини берди. 

 Эркин Ёдгоров, ЎзА
Манба: uza.uz 
286